Навоийда янги университет ташкил этилади
2022 йилда Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги Навоий давлат кончилик институти негизида Навоий политехника университети ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Қарор лойиҳасига кўра, мазкур университетга 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб талабаларни қабул қилиш режалаштирилган. У 15 минг нафар талабани қамраб олади.
Қайд этилишича, университетни 2025 йилгача ОТМларнинг халқаро ТОП-1000 талик рейтингига киритиш стратегияси ишлаб чиқилади. Стратегияни ишлаб чиқиш Навоий кон-металлургия комбинати (Қ.Санақулов) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Тошқулов) зиммасига юклатилган.
Шунингдек, янги университетдаги таълим жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор таълим технологиялари ва ўқитиш методикалари жорий этилади.





