Ўзбекистонда дам олиш кунлари қандай об-ҳаво бўлиши маълум қилинди

Бугун кундузи Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда асосан жадаллиги бироз бўлган ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ билан кузатилади.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида кун давомида ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечга томон республиканинг марказий вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади. Ҳарорат +20…+23 даража, жанубда +27 даражагача бўлади.

Эртага, 6 апрел куни Тошкент, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда ёмғир фақат кечаси ва эрталаб ёғади. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди ва +15…+18 даража атрофида бўлади.

7 апрел, якшанба куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича қуруқ ва асосан кам булутли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати яна +20…+23 даражагача кўтарилади. Кечалари ҳарорат асосан +7…+12 даража бўлади.

5-6 апрел кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилади. Тоғли ҳудудларда 5-6 апрелда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, баланд тоғларда қор) бўлади, 6 апрелда баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда 5 апрел кечга томон ва 6 апрелда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши ва шамол 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. 7 апрелда ёғингарчилик кутилмайди.

Ҳарорат 5 ва 7 апрел кунлари +20…+23 даража, 6 апрел, шанба куни +15…+17 даража бўлади. Ҳарорат кечалари +7…+12 даража атрофида кузатилади.

Янгиликлар