Бишкекдаги вазият: собиқ президент ҳибсга олинди. Шаҳарда танклар ҳаракатланмоқда

Махсус кучлар Қирғизистоннинг собиқ президентини ҳибсга олди. Бишкекда митинглар ўтказилиши тақиқланган ва комендантлик соати ўрнатилган. Шаҳар атрофида танклар ва зирҳли транспортёрлар ҳаракатланмоқда.

Фото: «БМХ медиа»

Алмазбек Атамбаев ҳибсга олинди

Махсус кучлар 10 октябрь куни Қирғизистоннинг тўртинчи президенти, 2011—2017 йилларда мамлакатни бошқарган Алмазбек Атамбаевни ҳибсга олди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси «24.kg» ахборот агентлигига Атамбаев Бишкекдаги оммавий тартибсизликларни ташкил этиш иши доирасида Бишкек яқинида жойлашган Кой-Таш қишлоғидаги қароргоҳида ҳибсга олинганини маълум қилди. Қирғизистон ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам тартибсизликлар иши бўйича ҳибсга олинган.

Фото: «LETA»

Алмазбек Атамбаев 6 октябрга ўтар кечаси Бишкекдаги намойишчилар томонидан тергов изоляторидан озод қилинди ва тўрт кун ўтиб ҳибсга олинди. Шундан кейин суд уни уй қамоғига олди. Атамбоев 2020 йил июнь ойида 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Қирғизистон парламенти намойишлар пайтида қамоқдан озод қилинган собиқ депутат Садир Жапаровни мамлакат бош вазири этиб тасдиқлади. Бош вазирнинг таклифига биноан ҳукумат таркибини ўзгартирмаслик тўғрисида қарор қабул қилинди. Шундан сўнг, Бош вазир ўринбосари Эркин Асрандиев ва Ички ишлар вазири Кашкар Жунушалиев истеъфога чиқдилар. Тайинланганидан кейин Жапаров журналистларга Қирғизистон президенти Сооронбай Жеэнбеков икки-уч кун ичида истеъфога чиқиш тўғрисида имзо чекишини айтди.

Пойтахтга ҳарбий қисм ва танклар киритилди

Бишкекда 10 октябр куни тушдан кейин 21 октябргача фавқулодда ҳолат шароитида ҳарбий техника жорий қилинди. «24.kg» ахборот агентлигининг хабар беришича, шаҳар кўчаларидан бирида, танклар ва ҳарбий юк машиналари ҳаракатланмоқда. Ала-Тоо марказий майдонига кираверишда камида ўнта зирҳли транспортёрлар ва шунча миқдордаги ҳарбий «КамАЗ» юк машиналари, шунингдек, зирҳли ва патруль машиналар пайдо бўлган.

Фото: «РИА Новости»

Бундан ташқари, «Sputnik» хабарига кўра, кўнгиллилар бир неча кун давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш билан шуғулланганидан кейин полиция Бишкекка қайтиб келди. Ҳарбийлар ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари Бишкек марказида транспорт воситалари ҳаракатини тўсиб қўйди.

Бир кун олдин, 9 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жеэнбеков Бишкекка ҳарбий қисмлар ва ҳарбий техникани киритиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Улар «назорат пунктларини ташкил этиш, қуролли тўқнашувларни бостириш, қонунийлик ва тартибни таъминлаш ҳамда тинч аҳолини ҳимоя қилиш» билан шуғулланишлари кераклиги белгилаб қўйилди.

Бишкекда комендантлик соати жорий этилди

Бишкекда 21:00 дан 05:00 гача комендантлик соати жорий этилди. Бундай буйруқ Бишкекнинг янги коменданти, Қирғизистон ички ишлар вазирининг ўринбосари Алмаз Орозалиев томонидан чиқарилган. Чекловлар фавқулодда ҳолат режимида жорий қилинган. Комендантлик соати комендантлик билан боғлиқ бўлган давлат ва коммунал хизматчиларидан ташқари барча фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тегишли.

Фото: «LETA»

Бишкекда оммавий тадбирлар, жумладан митинглар ва юришлар уюштириш тақиқланди. Шунингдек, Алмаз Орозалиевнинг буйруғи билан шаҳарга кириш ва чиқишнинг махсус режими жорий қилинди. Бишкек комендантининг буйруғида, шунингдек, комендатура фуқароларни жамоат тартибини сақлашга жалб қилиш, одамларни хавфли ҳудудлардан вақтинча чиқариб юбориш ва «вазият нормаллашишига тўсқинлик қиладиган» партиялар ва жамоат бирлашмаларининг ишларини тўхтатишга ҳақли эканлиги айтилган.

Фото: «БМХ медиа»

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Бишкек ва Қирғизистоннинг бошқа шаҳарларида парламент сайловлари натижалари бўйича оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Акциялар овоз бериш натижаларига рози бўлмаган мағлуб бўлган партиялар вакиллари томонидан ўтказилди. Намойиш пайтида фаоллар парламент ва президент маъмурияти жойлашган бинони эгаллаб олишди, шунингдек, собиқ юқори лавозимли амалдорларни, жумладан собиқ президент Алмазбек Атамбоевни қамоқдан озод қилди. МСК сайлов натижаларини бекор қилди ва Қирғизистон ҳукумати истеъфога чиқди. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 9 октябрь ҳолатига кўра Бишкекдаги намойишлар пайтида 1218 киши жароҳат олган, уларнинг 200 дан ортиғи касалхонага ётқизилган. Бишкек мерияси 5 октябрдан бери намойишларда шаҳарга етказилган зарарни тахминан 213 минг долларга баҳоладилар.

Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистондаги вазиятдан ташвишда эканлигини билдирган эди.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон, Туркманистон ва Тожикистон президентлари билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди.

Кейинчалик, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Қирғизистондаги воқеалар юзасидан қўшма баёнот берди.

Янгиликлар