Отабек Назиров янги лавозимга тайинланди

31 март куни инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг маслаҳатчиси – Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари лавозимига Отабек Назиров тайинланди.

Фото: Кун.уз

Маълум бўлишича, жамғарма рақобатбардош маҳаллий компанияларга инвестициялар киритиш, шунингдек, хусусий маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан узоқ муддатли ўзаро фойдали шериклик муносабатларини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган.

Қайд этилишича, жамғарманинг асосчиси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобланади, фаолияти эса Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Таъкидланишича, Отабек Назиров 1998 йилда макроиқтисодиёт ихтисослиги бўйича АҚШдаги Нью-Йорк давлат университетини тамомлаган ва инвестиция соҳасида катта тажрибага эга, АҚШдаги Goldman Sachs ва JPMorgan Chase, Россиядаги Тройка Диалог ва МДМ-Банк каби йирик молиявий ва инвестиция компанияларида, шунингдек, Лондон шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банкида ишлаган.

2019 йилнинг январь ойидан буён Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори лавозимида ишлаб келаётганди.

Янгиликлар