Россияда қийин аҳволда қолган 7 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатга қайтарилди

Россияда мураккаб вазиятда қолган 7 нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар қилди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Хабар берилишича, самарқандлик Л.К. ва хоразмлик Ж.А. уч нафар вояга етмаган фарзандлари билан ишсиз ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз молиявий қийин аҳволда қолган.

Қайд этилишича, андижонлик Х.А. ишлаш мақсадида жорий йилнинг май ойида Россияга борган. Бироқ саломатлиги ёмонлашгани сабабли ишлай олмаган.

Шунингдек, самарқандлик А.А. Москва шаҳрида бахтсиз ҳодиса туфайли автоҳалокатга учраган. Ушбу фуқарога Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан даволанишга ёрдам берилиб, вақтинчалик яшаш учун хостелга жойлаштирилган.

Таъкидланишича, мазкур фуқароларга Ўзбекистоннинг Россиядаги консуллик идоралари томонидан «Ватанга қайтиш гувоҳномаси» расмийлаштириб берилган. 31 май куни Халқаро миграция ташкилоти билан ҳамкорликда Москва – Тошкент, Санкт-Петербург – Тошкент авиарейслари орқали Ўзбекистонга қайтарилган.

Янгиликлар