Олтиариқда қарийб 1,5 млн сўмлик сув насосини ўғирлаган шахс қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Ички ишлар бошқармасига 21 июль куни фуқаро Т.И. мурожаат қилиб, ҳовлисидаги сув насоси ўғирлаб кетилганини маълум қилган. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Таъкидланишича, номаълум шахс 12 июлдан 13 июлга ўтар кечаси фуқаро Т.И.нинг «Тинчлик» маҳалласида жойлашган қурилиши тамомланмаган уйига кириб, ҳовлидаги 1 400 000 сўмлик сув насосини ўғирлаб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан  Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғирлик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни М.Ш. содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Aввалроқ Фарғонада икки бош қорамолни ўғирлаган шахс ушлангани ва ўғрилик содир этиб, қидирувда бўлган шахс қўлга олингани ҳақда хабар берилганди.