Арманистон Озарбайжонни фосфорли бомбалардан фойдаланишда айблади
Арманистондаги инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Арман Татоян Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғдаги можаро пайтида фосфорли бомбалар ишлатганини маълум қилди. Бу ҳақда Татоян Facebook саҳифасида ёзди.
«Шу пайтгача олинган маълумотларга кўра, Озарбайжон Тоғли Қорабоғда фосфорли ўқ-дориларни ишлатмоқда ва тинч аҳоли пунктлари яқинидаги ўрмонларга ўт қўймоқда. Кўплаб фуқаролар ушбу ўрмонларда Озарбайжон қуролли кучларининг ўқ ва ҳужумларидан яширинган», — деб ёзади у.
Арман Татоян ўзининг Twitter саҳифасига фосфорли ўқ-дориларнинг ишлатилиши кўрсатилган видеони жойлаштирди.
URGENT: #Azerbaijan is using, as current data confirms, Phsophorus munitions over #Artsakh/#Karabakh setting fires to forests next to civilian communities.@OmbudsArmenia investigation & @ArtsakhOmbuds fact-finding confirmed also that many civilians are hiding in these forests pic.twitter.com/XAZy6jdubh
— Arman Tatoyan (@atatoyan) October 30, 2020
Шунингдек, Тоғли Қорабоғнинг мудофаа армияси ҳам фосфорли ўқ-дориларнинг ишлатилгани ҳақида эълон қилинди.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги бунга жавобан фосфорли ўқ-дориларни ишлатишда айблаш асоссизлигини айтди. «Озарбайжон армияси халқаро ҳуқуқ томонидан тақиқланган қурол ва ўқ-дорилар билан қуролланмаган», дейилади вазирлик хабарида.
Маълумот учун, оқ фосфор ишлатиладиган ўқ-дорилар 1949 йилги Женева конвенциясида қўшимча протокол билан тақиқланган.
Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий можаро 27 сентябрда қайта тикланди. Томонлар сулҳ битими тўғрисида икки марта келишиб олганди. Иккала сафар ҳам расмий Ереван ва Боку бир-бирини сулҳ битимини бузишда айблади.
Арманистон бош вазири Никол Пашинян 31 октабрь куни Россия президенти Владимир Путинга мактуб ёзиб, можарода Москванинг Ереванга қандай ёрдам беришга тайёрлиги борасида маслаҳатлашувларни бошлашни илтимос қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги агар жанглар Арманистон ҳудудида бўлиб ўтадиган бўлса, барча керакли ёрдамни беришларини айтди.
Аввалроқ Арманистон Қорабоғда Туркиянинг махсус кучлари борлигини даъво қилганди. Шунингдек, Илҳом Алиев Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш учун келишувга тайёрлигини билдирди.