Илҳом Алиев Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш учун келишувга тайёрлигини билдирди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш учун келишувга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

«Ҳа, биз тайёрмиз. Мен бу ҳақида кўп марта айтганман. Бугун биз сулҳ тўғрисида келишиб олишга тайёрлигимизни яна айтмоқчиман. Аммо шу билан бирга, Арманистон ва унинг бош вазири АҚШ, Россия ва Франция билан биргаликда ишлаб чиқилган тамойилларга содиқ эканликларини эълон қилишлари керак», — деди Алиев ўз интервьюсида.

Алиевнинг таъкидлашича, Озарбайжон музокараларга киришишни хоҳлайди. Аммо Арманистон томонидан можарони дипломатик йўл билан ҳал этиш мумкин эмаслиги тўғрисида сигналлар келмоқда.

«Ҳарбий ҳаракатлар катта зарар ва талофатларга олиб келади. Шунинг учун тезроқ мазмунли музокараларни бошласак, зиддиятни ҳал қилишнинг тезроқ йўли топилади. Можарони ҳал қилиш Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига асосланади», — деб қўшимча қилди президент.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Қорабоғ муаммосини дипломатик йўл билан ҳал қилиб бўлмаслигини айтганди. У юртдошларини «қурол кўтариб, ўз Ватанини ҳимоя қилишга» чақирган. Бироқ шу билан бирга Арманистон ҳар доим муросага тайёрлигини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Арманистон ўз талабларини пасайтириши мумкин.

Шунингдек, Илҳом Алиев Франциянинг «Figaro» газетасига берган интервьюсида Озарбайжоннинг сулҳга тайёрлиги ҳақида айтиб ўтган эди. Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили Артсрун Ованнисян бу сўзларни Арманистонга «ўқларни силжитиш» учун ҳаракат сифатида қабул қилди.

Тоғли Қорабоғдаги вазият

Минтақадаги вазият 27 сентябрь куни кескинлашган. Озарбайжон ва Арманистон айбловларни ўзаро бир-бирига ағдармоқда. Улар тўлиқ ва қисман сафарбарлик тўғрисида эълон қилган. Тинч аҳоли ўртасида қурбонлар мавжуд.

Озарбайжон Туркия (НАТО аъзоси) томонидан фаол қўллаб-қувватланаётганлиги сабабли можаро мураккаблашган. Ўз навбатида, Арманистон ШҲТ аъзоси ҳисобланади. Халқаро ҳамжамият томонларни сабр-тоқатли бўлишга чақирмоқда.

Аввалроқ Қорабоғда янги тўқнашувлар бошланганидан бери 25 нафар тинч аҳоли ўлдирилганди. Шунингдек, Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини Қорабоғдаги янги сулҳни бузишда айблагани маълум қилинганди.

Янгиликлар