Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини Қорабоғдаги янги сулҳни бузишда айблади

Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий можаро иштирокчилари Арманистон ва Озарбайжон бир-бирини 18 октябрь куни ярим тунда кучга кирган сулҳни бузишда айблади. Бу ҳақда «Meduza» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг билдирилишича, тунда Арманистон ҳарбийлари Жебраил шаҳри ва Тоғли Қорабоғнинг бир қатор қишлоқларини миномётлар ва артиллериядан ўққа тутган. «Озарбайжон армияси етарлича жавоб чораларини кўрди», дейилади вазирлик хабарида. Ўқ отиш туфайли ходимлар орасида қурбонлар бўлмаган.

Ўз навбатида, Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян Facebоok’да Озарбайжон ҳарбийлари тунда Қорабоғда ракета ва артиллерия ҳужумларини уюштирганини, эрталаб эса можаролар ҳудудининг жанубий йўналишида ҳужум уюштирганини айтган. Унинг сўзларига кўра, иккала томон ҳам йўқотишларга дуч келган. Бундан ташқари, Тоғли Қорабоғ мудофаа армияси Озарбайжоннинг тўртта танкини йўқ қилган.

Эслатиб ўтамиз, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ ҳарбий можароси 27 сентябрда қайта тикланган. Томонлар ҳарбий ҳолат эълон қилган ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлаган. Можаро оқибатида ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлган. Можаро ҳудудида сулҳ аллақачон икки марта эълон қилинган: аввал 10 октябрдан бошлаб, кейин эса 18 октябрдан бошлаб кучга кирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорабоғда янги тўқнашувлар бошланганидан бери 25 нафар тинч аҳоли ўлдирилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.