Ўзбекистон Арманистон ва Озарбайжонни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирди

Ўзбекистон Озарбойжон ва Арманистон ўртасида кескинлик чуқурлашганини хавотир билан қабул қилади. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар кескинлашувининг кучайиши ва ҳарбий куч ишлатиш ҳар икки томоннинг кўп сонли талофатларига олиб келиши мумкинлигидан қаттиқ ташвишда.

«Биз Озарбайжон Республикаси ва Арманистон Республикасини уруш ҳаракатларини имкон қадар тезроқ тугатишга ва суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига риоя қилган ҳолда низони тинч йўл билан ҳал қилиш мақсадида дипломатик музокараларни бошлашга чақирамиз», дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида раислик қилаётган давлат сифатида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ишонч муносабатларини мустаҳкамлаш, МДҲ маконидаги зиддиятли масалаларни тинчлик йўли билан халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ҳал этиш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди.

Янгиликлар