Туркиядаги зилзила оқибатида 40 дан ортиқ уй вайрон бўлди
Зилзила туфайли Измирдаги 40 дан ортиқ кўп қаватли уй бутунлай вайрон бўлган ёки яшаш учун яроқсиз ҳолга келган. Бу ҳақда Туркия шаҳарсозлик вазири Мурат Курумга таяниб «РИА Новости» хабар берди.
«Зилзиладан кейин 2234 та бино текширилди. 41 та бино бутунлай вайрон бўлган ва жиддий зарар кўрган. 1041 та бино қисман зарар кўрган», — деди Курум журналистларга.
Унинг қўшимча қилишича, уйлари яшашга яроқсиз ҳолга келган фуқароларга 30 минг турк лираси (3,6 минг доллар), қурбонларнинг қариндошларига 10 минг лира (1,2 минг доллар) миқдорида товон пули тўланади.
Туркия фавқулодда вазиятлар агентлигининг хабарига кўра, зилзила қурбонлари сони 64 кишига етган, 949 киши жароҳат олган. Қутқарувчилар Измирда вайрон қилинган саккизта бино қолдиқлари устида ишлашни давом эттирмоқда.
Туркиянинг ғарбий қисмида 30 октябрь, жума куни тушдан кейин 6,6 балли зилзила содир бўлди. Зилзила эпицентри Эгей денгизида Измир вилоятининг Сефериҳисар шаҳри яқинида бўлган. Зилзила яқин Греция оролларида ҳам сезилган. Грек сейсмологлари унинг кучини 6,9 баллга баҳолаган. Измирда камида 20 бино қулаб тушгани хабар қилинган. Шунингдек, зилзила кичик цунамини келтириб чиқарди, Сефериҳисарнинг қирғоқ кўчаларини сув босган.
Ер силкиниши Грециянинг Самос оролида ҳам қайд этилган. У ерда икки киши ҳалок бўлган ва 20 киши жароҳат олган.
Аввалроқ авкат Мирзиёев Туркиянинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат — кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жароҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия йўллаганди. Кейинчалик Туркияда зилзила қурбонлари сони 60 кишига етгани хабар қилинди.