Тожикистон Ўзбекистонга электр энергияси узатишни тўхтатди

Тожикистон Ўзбекистон ва Қирғизистонга электр энергияси узатишни тўхтатди. Ҳозирда Тожикистондан электр энергияси фақат Афғонистонга етказиб бериляпти. Бу ҳақда Asia-Plus хабар берди.

«Ўтган йили мамлакатнинг барча дарёларида сув оқими камайди, натижада ҳукумат мамлакат аҳолисини куз ва қишда узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида экспортга чекловлар киритди», – дейди Тожикистон Энергетика ва сув ресурслари вазири Далер Жума.

Таъкидланишича, 2019 йилги экспорт 2020 йилдаги билан таққосланганда пасайиш 48 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, 2020 йил Тожикистонда жами 19 млрд 770,5 млн кв/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Шундан экспорт учун қиймати 56,4 млн доллардан ортиқ бўлган 1 млрд 528,4 млн кв/с электр энергияси сарфланган. Ишлаб чиқарилган электр энергияси 2019 йилга нисбатан 905,7 млн кв/соатга кам.

«Ҳозирги кунда Тожикистондан қўшни мамлакатларга электр узатиш линиялари орқали минимал оқим узатилмоқда. Бу узатиш линияларини бир-бирига боғлаб туриш учун зарур», — дейди вазир.

Маълумотларга кўра, «Барки Тожик» АЖ вакили матбуот анжуманида Қирғизистон ва Ўзбекистонга электр узатиш линиялари уланган бўлса-да, электр энергияси на Ўзбекистонга, на Қирғизистонга экспорт қилинмаётганини айтган.

Аввалроқ, Ўзбекистонда электр энергетикаси соҳасидаги стандартлар қайта кўриб чиқилгани хабар қилинган эди.