Ўзбекистонда электр энергетика соҳасидаги стандартлар қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистонда электр энергетика соҳасидаги мавжуд стандартлар ҳалқаро стандартлар асосида босқичма-босқич қайта кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Қайд этилишича, Президентнинг 2019 йил 27 мартда «Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Франциянинг «Assystem Engineering and Operation Services S.A.S» корхонаси билан «Uzassystem» лойиҳа институти ташкил этилган.

Вазирлик матбуот хизматининг хабарига кўра, Энергетика вазирлиги бошчилигида ишлаб чиқарувчилар, эксплуатация қилувчи корхоналар ҳамда лойиҳа институтларининг етакчи мутаҳассисларини жалб қилган ҳолда 4 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари, подстанциялар, реле ҳимояси ва маълумотлар алмашинуви ҳамда электромагнит мослашувчанлик йўналишидаги 700 дан ортиқ стандартлар кўриб чиқилди.

«Ушбу стандартлардан замон талабларига тўғри келмайдиган 536 таси ҳалқаро стандартларга алмаштириш бўйича «Ўзстандарт» агентлигига таклиф киритилган. Шунингдек, 2021 йилда ҳам ушбу ишлар давом эттирилиб, паст кучланишли электр тармоқлари, қуёш ва шамол электр станцияларини тармоққа улаш йўналишлари бўйича стандартлар кўриб чиқилиб замон талабларига мослаштирилади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, мазкур стандартларни қабул қилиниши орқали электр энергетика объектларини лойиҳалаш, қуриш ва экспуатация қилишни техник бошқаришда сарф харажатларнинг оптималлаштирилишига ҳамда электр тармоқларининг ишончлилигини ошишига эришилади.

Аввалроқ Ўзбекистон Саудия Арабистони билан 2,5 млрд долларлик энергетика лойиҳаларини имзолагани ҳамда энергетика вазири мазкур мамлакат инвестициялар вазири билан музокара ўтказгани ҳақида хабар берилганди.