Ўзбекистон энергетика вазири Саудия Арабистони инвестициялар вазири билан музокара ўтказди

Энергетика вазири Алишер Султонов 24 январь куни Саудия Арабистони Қироллиги инвестициялар вазири Халед аль-Фалех билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати

Таъкидланишича, Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида «ACWA Power» компанияси иштирокида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик электр станцияси қурилишининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтган. Учрашув аввалида Халед Аль-Фалех Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи пандемия оқибатида юзага келган узоқ давом этган карантиндан кейинги хорижга илк сафари эканини қайд этган.

Инвестициялар вазири 2017 йилдаги Тошкент шаҳрига сўнги ташрифидан бери Ўзбекистон иқтисодиёти трансформацияси 100 йилга илгарилаб кетганини таъкидлаган. Шунингдек, делегация раҳбари томонидан Президентнинг илмий марказ ташкил этиш орқали водород энергетикасини ривожлантириш бўйича стратегик қарори ҳам қайд этилган.

Фото: Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати

Саудия Арабистони босқичма-босқич анъанавий энергия манбаларидан экологик тоза энергия манбаларига ўтиш бўйича стратегияни амалга оширмоқда. Халед Аль-Фалех таъкидлашича, Ўзбекистон минтақада энг йирик энергетика қироли бўлиш учун зарур салоҳиятга эга ва бу борада Саудия Арабистони стратегик ҳамкор бўлиш, катта ҳажмдаги инвестициялар ва водород энергетикаси сингари технологиялар жалб қилиш, шунингдек малакали кадрларни ўқитиш дастурини жорий этишга тайёр эканини қайд этган.

Фото: Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати

Музокаралар якунида томонлар энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олган.

Аввалроқ Ўзбекистон Саудия Арабистони билан 2,5 миллиард долларлик энергетика лойиҳаларини имзолагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон 2025 йилгача электр энергия экспорт қилувчи мамлакатга айланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар