Ўзбекистон 2025 йилгача электр энергия экспорт қилувчи мамлакатга айланиши мумкин

Ўзбекистон 2025 йилгача тўлақонли электр энергия экспорт қилувчи мамлакатга айланиши мумкин. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаровга Сариосиё туманидаги «Тўполанг» сув омбори, гидроэлектр станцияси фаолияти бўйича ташкил этилган пресс-турда «To‘palang HPD Platinum» МЧЖ директори ўринбосари Саъдулла Асадов айтиб ўтди.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида «Ўзгидроэнерго» жамияти томонидан бир гуруҳ ОАВ вакиллари учун Тўполанг сув омбори ва ГЭСида пресс-тур ташкил этилган. Унда журналистлар сув омбори, станция фаолияти, унда олиб борилаётган модернизация ишлари билан танишган. Хусусан, жамият директори ўринбосари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган жами энергия миқдорида ГЭСларнинг улуши қай даражада эканлиги борасида маълумот берган.

Унинг айтишича, 2014 йили Ўзбекистонда умумий ишлаб чиқариладиган электр энергия ҳажмида гидроэлектр энергияси 6 фоизни ташкил қилган. Кейинчалик, 2017 йилда 2021 йилга қадар гидроэнергетикани ривожлантириш дастури қабул қилинган.

«Шунга асосан бу кўрсаткич 26 фоизга қадар чиқарилиши керак. Бу натижага эришсак ва ИЭС чиқараётган электр энергияни ҳам қўшиб ҳисобласак, Ўзбекистон ўзининг энергияга бўлган эҳтиёжини тўла қондира олади. Бу дегани, 2025 йилга бориб Ўзбекистон тўлақонли электр энергияни экспорт қилувчи мамлакатга айланиши керак. Чунки қайси давлат электр энергияни экспорт қилса, бу унинг иқтисодий қудрати юқорилигидан дарак беради. Қўшниларимизда электр энергияга эҳтиёж бор. Масалан, Афғонистонда», — дейди «To‘palang HPD Platinum» МЧЖ директори ўринбосари Саъдулла Асадов.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Шунингдек, мутахассис ИЭСда ишлаб чиқарилган ва ГЭСда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархи солиштирилганда улар ўртасидаги фарқ ҳақида ҳам тўхталиб ўтган. Бундан ташқари, у гидроэнергиянинг энг арзон энергия эканлиги, иссиқлик электр станцияларидан электр олиш бир қатор материаллар талаб этгани учун қимматлигини таъкидлаган.

«Ҳозирги таннарх бўйича аниқ маълумотим йўқ. Аммо 2014–2015 йилларда ГЭСларда ишлаб чиқариладиган 1 кв электр энергиянинг таннархи 40–45 центни, ИЭСларда 3–3,5 АҚШ долларни ташкил этар эди. Гидроэнергетика арзон энергия, чунки бепул, табиий ресурс — оқиб келаётган сувдан олинади. Шу боис арзон, фақатгина қуриладиган Гидроэлектр станция учун маблағ зарур бўлади, холос. Иссиқлик электр станциялари электр энергияси олиш учун газ, кўмир ёки мазут ишлатилади. Шу боис уларда ишлаб чиқариладиган энергия қиммат бўлади. ГЭС ўзига кетган харажатни 3 йилда қопласа, ИЭСлар 15 йилда қоплайди», — дейди «To‘palang HPD Platinum» МЧЖ директори ўринбосари Саъдулла Асадов.

Аввалроқ Сурхондарёда олтита туманни электр энергия билан таъминлайдиган ГЭС ишга туширилиши ҳақида хабар берилганди.