Ўзбекистонда ўтган 10 ойда режадагидан 5 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди

Ўзбекистонда 2020 йилнинг январь–октябрь ойларида режадагидан 5 фоизга кўп, яъни 48,5 миллиард КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда 3 ноябрь куни AОКAда ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, «Иссиқлик электр станциялари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Муҳаммад Бекмуҳаммедов ИЭСда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берган. Унинг сўзларига кўра, 2020 йилнинг ўтган 10 ойи давомида республикада 48,5 миллиард КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Бу режага нисбатан 5 фоизга, 2019 йилнинг шу даврига нисбатан эса 7,5 фоизга кўпни ташкил этган.

«2019 йилда Ўзбекистондаги иссиқлик электр станциялари томонидан 56,4 миллиард КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу миқдор 2015 йилга нисбатан 20 фоизга ошганига қарамай, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжлари ортиши ҳисобига 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб 2 баробарга ўсиши кутилмоқда.

Бунда кўзда тутилаётган эҳтиёжлар учун атом электр станцияси ва муқобил энергия манбаларига асосланган электростанциялар ишга туширилиши кўзда тутилган бўлсада, асосий юк ИЭС зиммасига тўғри келмоқда. Истеъмол ортиши ҳисобига инвестиция лойиҳалари доирасида 2020 йил якунига қадар жами 1177 МВт янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади. Бугунги кунга қадар шундан 805 МВт энергоблоклар фойдаланишга топширилди.

Булар – Тўрақўрғон ИЭСда 450 МВтли иккинчи, Тахиатош ИЭСда 280 МВтли биринчи буғ-газ қурилмалари ишга туширилди ҳамда Сирдарё ИЭСда 6-энергоблокнинг қуввати 75 МВтга оширилди. Қолган 375 МВтга тенг қувватлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Республикада жами электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмидаги ИЭСнинг улуши қарийб 86 фоизни ташкил қилади.

Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган 2020–2030 йилларда ‘Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси»га биноан, 2030 йилгача 70 миллиард КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади», — деди корхона расмийси.

Муҳаммад Бекмуҳаммедовнинг айтишича, Тахиатош ИЭСда ҳар бирининг қуввати 280 МВтга тенг 2 та буғ-газ қурилмасини бунёд этиш бўйича Жанубий Кореянинг «Hyundai» консорциуми иштирокида умумий қиймати 678,2 миллион долларга тенг халқаро лойиҳа амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Намангандаги ИЭСда юз берган фавқулодда ўчиш туфайли вилоятнинг катта ҳудуди электрсиз қолгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари маълум қилингани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар