Ўзбекистонда электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаблари маълум қилинди
АОКАда ўтказилган 28 ноябрь кунги брифингда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Ўринов Ўзбекистонда электр тармоқларидаги узилиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.
Таъкидланишича, электр таъминотидаги узилишларда асосан 2 та йирик омил мавжуд. Биринчиси бу электр тармоғига турли техник ва иқлим шароитлари билан боғлиқ таъсирлар. Унга тармоқ симларига дарахт шохлари ёки сим арқонларининг тегиши, қурилиш ишларида йўл қўйиладиган эҳтиётсизлик туфайли таъсир, кучли шамол ва ёмғирлар таъсири, электр ускуна ва жиҳозларининг эскириши туфайли носоз ҳолга келиши ёки 200 та хонадонга мўлжалланган трансформаторларга 300–400 та хонадоннинг уланиши оқибатида келиб чиқадиган носозликлар киради.
«Электр таъминотидаги узилишларнинг иккинчи сабаби электр энергиясини ишлаб чиқариш ва истеъмол ўртасидаги тафовут тизимнинг яхлитлигига, барқарор фаолиятига салбий таъсир этганда маълум техник шартлар асосида тармоқдан жадвалли узишлар содир бўлиши мумкин. Электр таъминотида мувозанатни сақлаш маҳаллий диспетчерлар ва Миллий диспетчерлик маркази диспетчерлари томонидан амалга оширилади»,— дейди ташкилот матбуот котиби Улуғбек Ўринов.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда 2020 йилда электр энергиясидаги узилишлар икки бараварга камайди — Энергетика вазирлиги
Қайд этилишича, истеъмол ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мувозанатнинг йўқолиши тизимга жиддий иқтисодий зарар ва узоқ муддатли ўчишларга сабаб бўладиган авария ҳолатларига олиб келади. Шунга кўра тизим диспетчеридан қисқа вақтда кескин чора кўриш талаб этилади.
Бундай носозлик ҳолатларининг иқтисодий зарарлари ҳам бирмунча катта маблағларга тенг эканлиги айтилган. Шунингдек, электр таъминотида мувозанатни сақлаш маҳаллий диспетчерлар ва Миллий диспетчерлик маркази диспетчерлари томонидан амалга оширилади.
Аввалроқ Фарғона водийсидаги энергия муаммосини ўрганиш учун Сенат ишчи гуруҳи тузилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда электр энергиясидан қарздорлиги энг катта вилоятлар рейтинги тузилгани ҳақида хабар берилган.