Ўзбекистонда электр энергиясидан қарздорлиги энг катта вилоятлар рейтинги тузилди

Ўзбекистонда электр энергиясидан қарздорлиги энг катта вилоятлар рейтинги тузилди. Бу ҳақда 24 ноябрь, сешанба куни ўтказилган Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Маълум қилинишича, рейтингда Самарқанд вилояти электр энергиясидан қарздорлик бўйича республикада етакчи бўлган. Вилоятининг электр энергиясидан қарздорлиги 646 миллиард сўмни ташкил қилган. Шундан 553 миллард сўми — бу аҳоли қарздорлиги. Шунингдек, иккинчи ва учинчи ўринларда  Навоий (қарз суммаси 410 миллиард) ва  Андижон вилояти (қарз 273 миллиард сўмни ташкил этмоқда, шундан 247 милларди аҳолининг қарздорлиги) келган.

Таъкидланишича, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «KT Corporation» компанияси ўртасида электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш марказини ташқил этиш бўйича 2019 йилда битим имзоланган. Марказ Корея, Хитой, Сингапур ва АҚШ каби давлатларнинг етакчи компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган сервер ускуналар билан жиҳозланган.

Бундан ташқари, электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази ишга туширилишидан асосий мақсад — республика миқёсида электр энергияси истеъмолчиларининг соатлик, суткалик, ойлик ва йиллик балансларини шакллантириш, кўп тарифлик тизимида ҳисоб-китобларни амалга ошириш, яъни қарздорларни автоматик равишда таъминотдан ўчириш ва фойдаланилган электр энергияси учун тўлов амалга оширилганидан сўнг қайта улаш белгиланган.

Анжуманда айтилишича, Ўзбекистон бўйлаб 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши режалаштирилган. Айни кунгача жамиятнинг ўз маблағлари ҳамда қатор халқаро ташкилотлар инвестициялари ҳисобидан 4,6 миллиондан ортиқ замонавий ҳисоблагич ўрнатиб бўлинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 февралдан электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши ҳақида хабар берилганди.