Қозоғистонда ўтган бир суткада 1226 кишида коронавирус аниқланди, Россияда COVID-19 қурбонлари сони 14 мингдан ошди

Қозоғистон

Қозоғистонда 2 август маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 91 593 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 61 839 нафари тўлиқ соғайган, 793 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 1226 та янги ҳолат қайд этилган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Шарқий Қозоғистон вилояти бош санитар врачи Магомед Исмоилов янги фармонга имзо чеккани ҳақда хабар берилганди. Унга кўра, ҳудуддаги қатъий карантин тартиби икки ҳафтага узайтирилган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 2 август маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, 36 719 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 27 274 нафари соғайиб, 1409 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 8036 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 440 кишига кўпайган, 12 нафар бемор вафот этган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада 19 нафар тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олгани хабар қилинганди. Мамлакатда жами 2809 шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 2 август маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 7451 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 6233 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 60 нафари вафот этган.

Фото: «Asia-plus»

Aввалроқ Тожикистонда коронавирусдан соғайганлар сони 6233 кишига, яъни 83,5 фозига етгани хабар қилинганди. Маълум қилинишича, айни пайтда 1100 нафар бемор уй шароитида даволанмоқда.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Туркманистондаги мактабларда таъмирлаш ишлари тугагач, тўлиқ дезинфекция қилиниши ҳақда хабар берилганди.

Фото: «Хроника Туркменистанa»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, вилоятлар санитария-эпидемиология хизмати раҳбарлари мактабларда дезинфекция ишларини ўтказиш тўғрисида топшириқ олган.

Россия

Россияда 2 август маҳаллий вақт билан соат 11:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 850 870 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 650 173 нафари соғайган, 14 128 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 5427 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «India Daily»

Aввалроқ Новосибирск шаҳридаги «Вектор» илмий маркази коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқаришни ноябрь ойида бошлаши хабар қилинганди. Бу ҳақда марказ бош директори Ринат Максютов «Вести» дастурида маълум қилган.