Наманганда ОТМларга кириш учун тест синовлари бошланди (фото)
Наманган вилоятида олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари 2 сентябрдан бошланиб 13 сентябрга қадар бўлиб ўтиши кўзда тутилган бўлиб, 2 сентябр, чоршанба куни кириш имтиҳонларининг биринчи кунига старт берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, тест синовлари Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуаси, «Динамо», «Навбаҳор-Умид» ўйингоҳлари ҳамда Тўрақўрғон туманидаги «Ёшлик» стадионларида бўлиб ўтмоқда. Таъкидланишича, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида махсус йўналишсиз автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Улар синовлар ўтказиладиган ҳудудларга олиб келиниб, тест жараёнлари якунлангач, манзилларига етказилади.
Маълумотларга кўра, автобуслар қатнови 2 сменада ташкил этилган. Биринчи сменадаги абитуриентлар имтиҳон куни соат 04:00 да туманларидаги белгиланган ҳудудга етиб боришлари лозим. Автобуслар соат 05:00 дан бошлаб ҳаракатланади. Иккинчи смена вақти эса соат 13:00—14:00 оралиғида белгиланган.
Аввалроқ абитуриентларга кириш имтиҳонларига бош кийим билан келишга рухсат берилгани маълум қилинганди.