Ўзбекистонда ўлчаш воситалари 25 иш кунида давлат синовидан ўтказилиши белгиланди

Ўзбекистонда «Ўзбекистон Республикасида метрология хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Маълум қилинишича, қарор билан ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш қоидалари тасдиқланган. Қарорга кўра, давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доирада мамлакатнинг ўлчаш воситалари давлат реестрига киритилган тасдиқланган турдаги ўлчаш воситаларини қўллашга рухсат берилган.

Қайд этилишича, ишлаб чиқариладиган ва (ёки) сериялаб ишлаб чиқарилиши мўлжалланган ўлчаш воситалари ва мамлакат ҳудудида тўп ҳолида ишлаб чиқариладиган ва (ёки) олиб кириладиган ўлчаш воситалари давлат синовларидан ўтказилади. Синовлардан ўтказиш ишлари учун ҳақ шартномага мувофиқ ариза берувчи томонидан тўланади.

Шунингдек, ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш давомийлиги 25 иш кунидан ошмаслиги керак. Ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш натижалари ижобий бўлганда ижрочи 2 иш куни мобайнида ўлчаш воситаларини синовдан ўтказиш натижаларига эга бўлган ҳужжатларни «Ўзстандарт» агентлигига юборади ҳамда агентлик ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлайди ва реестрда рўйхатга олади.

«Ўзстандарт» агентлиги раҳбарлигидаги аккредитациядан ўтган давлат метрология хизмати органи ижрочи ҳисобланади. Ўлчаш воситаларининг турини тасдиқлаш сертификатининг амал қилиш муддати 5 йилни ташкил этади.

Ушбу қоидалар давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этиладиган соҳада ўлчаш воситаларини қўллайдиган барча шахслар учун мажбурий ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда таксичилик учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар