Коронавирусга чалинган беморлар қандай озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиши керак? Мутахассис жавоб берди

Cоғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова коронавирус беморларининг қандай овқатланиши лозимлиги ҳақида маълумот берди.

Кадр: «Ўзбекистон 24»

Унга кўра, COVID-19 билан касалланганлар учун таомлар енгил ҳазм бўладиган, витамин, микроэлемент ва оқсилга бой бўлиши керак. Шунингдек, мутахассис таомларни кичик ҳажмда барра салат ва кўкатлар билан бирга истеъмол қилишни тавсия этган.

«Булар — қайнатма шўрвалар, қийма гўштларидан тайёрланган котлетлар, тефтеллар, фрикаделкалар, балиқ гўшти, творог, сувда қайнатиб чала пиширилган тухум, дуккаклилардан тайёрланган суюқ таомлар, арпа бўтқалари», — дейди Барно Абдусаматова.

Шунингдек, мутахассис кўп миқдорда суюқлик ичишни ҳам тавсия қилган.

«Турли мева шарбатлари, компотлар, кўк чой, лимон, смородина, занжабил, асал ва малина чойлари шулар жумласидан», — дейди мутахассис.

Аввалроқ Барно Абдусаматова коронавирусни бошдан кечирган беморларнинг кун тартиби қандай бўлиши кераклиги ҳақида маълумот берган эди. Бундан ташқари, коронавирус аломатларини энди сезаётган бемор қайси лаборатор диагностика усулидан ўтиши кераклиги ҳақида гапирган эди.

Янгиликлар