Шавкат Мирзиёев: «Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак»

Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида барпо этилаётган кўп қаватли уй-жойлар ва IT-паркни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Татибай кўчасида 160 та хонадонга мўлжалланган иккита 16 қаватли уй қурилмоқда. Мазкур турар жой мажмуаси замонавий дизайнда, зилзилага бардошли бўлади. Ташқи деворлар бир неча қатламдан иборатлиги боис уйлар энергияни тежайди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мажмуа 2021 йилда битказилади. Хонадонлар яшаш учун тайёр ҳолда топширилади. Президент янги уйларнинг шоу-румида бўлиб, уларда яратиладиган шароитлар билан танишди.

«Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак. Янгича ишламасак, замон қабул қилмайди», — деди Президент.

«Давлатимиз раҳбарига Қорақалпоғистонда ёшларни ахборот технологияларига ўқитиш ва шу соҳада бандлигини таъминлаш режаси тўғрисида маълумот берилди. IT-паркда ахборот технологиялари бўйича мутахассислар қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, коммунал хўжалик, таълим, туризм, маданият, қурилиш ва транспорт каби соҳаларда турли истиқболли лойиҳалар устида иш олиб боради. Шунингдек, рақамли технологиялар ўқув маскани, коворкинг маркази, ўқув ва киберспорт хоналарида ёшлар малакаси оширилади», дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманларини Нукус шаҳри маҳаллаларига бириктириш, кўчаларни ёритиб, ободонлаштириб, савдо ва хизмат шохобчаларини кўпайтириш, аҳолининг дам олиши учун шароитларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани маълум қилинганди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида очилган Опера ва бахшичилик мактабини бориб кўрди.

Янгиликлар