Қорақалпоғистонда соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди
Қорақалпоғистонда барча соҳаларни жадал ривожлантириш бўйича келгуси 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани маълум қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарда айтилишича, 3 йилга мўлжалланган чора-тадбирларга кўра, ҳар бир туманда 2 тадан фаолият тури ўзига хос «ўсиш нуқта»си этиб белгиланган.
Маълум қилинишича, Президент барча 16 та туманни янада равнақ топтириш мақсадида мазкур «ўсиш нуқталари» бўйича тадбиркорлик субъектлари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилишини таъкидлаган.
Бундан ташқари, тараққиёт даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янги ташкил этиладиган саноат корхоналарига ҳам 3 йил муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари берилади. Хабарга кўра, ҳар бир туман ва шаҳарни жадал ривожлантиришга кучли туртки бериш, муаммоларни тезкор ҳал этиш учун уларга вазирлар ва банклар бириктирилган.
Таъкидланишича, йиғилишда келгуси 3 йилга мўлжалланган ўнта устувор йўналиш белгиланган бўлиб:
- биринчиси — туманлар ва маҳаллаларни жадал ривожлантириш;
- иккинчиси — аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш;
- учинчиси — доирасида инвестиция лойиҳалари;
- тўртинчи устувор йўналиш — Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш;
- бешинчиси — хизмат кўрсатиш соҳаси салоҳиятини тўлиқ ишга солиш;
- олтинчиси — қишлоқ хўжалигини ривожлантириш;
- еттинчиси — аҳолини уй-жой билан таъминлаш;
- саккизинчиси — ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш;
- тўққизинчиси — ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш;
- ўнинчиси — жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари юзасидан кўрсатмалар берилган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев мамлакатда йигит-қизларини мазкур ҳудуд ҳаёти билан таништириш мақсадида 2021 йили Қорақалпоғистонда Ёшлар фестивали ташкил этиш таклифини билдирган.
Мавзуга доир: Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига янги раис сайланди
Aввалроқ Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг сессиясида иштирок этиш учун Нукусга жўнаб кетгани ҳақида хабар берилганди.