Илон Маск одамларнинг Марсга қўниш вақтини маълум қилди

«SpaceX» ва «Tesla» асосчиси Илон Маск икки йил ичида Қизил сайёра — Марсга космик кемасини юборилиши ва у ерга тўрт-олти йил ичида одамларни ҳам жўнатиш мумкин бўлишини айтди.

Фото: «Associated Press»

Маълум қилинишича, Маск Германия пойтахти Берлин шаҳрида «Аксель-Шпринген» медиа компанияси мукофотини олганидан кейин берган интервьюсида Марсга қилинадиган саёҳат ҳақида айтиб ўтган.

Унинг сўзларига қўра, Қизил сайёрага «SpaceX»нинг учирилиши икки босқичдан иборат бўлади: аввал экипажсиз, кейин эса одамлар раҳбарлигида.

«Яқин икки йил ичида Марсга космик кемамизни юборишга ишонаман ва у ерга биринчи одам олти йил ичида қўнади. Катта эҳтимол билан, олти йил ичида деб ўйлаяпман. Агар омадимиз келса, бу режа тўрт йил ичида ҳам амалга ошиши мумкин», — дейди тадбиркор.

Аввалроқ Илон Маск сайёранинг энг бой одамлари рейтингида Билл Гейтсдан ўзиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, Маскнинг бойлиги 7,2 миллиард доллардан 127,9 миллиард долларга кўтарилган.