Нурсултон Назарбоев Қозоғистон пойтахти Туркистонга кўчирилишини рад этди

Нурсултон Назарбоев Қозоғистон пойтахти Туркистонга кўчирилиши ҳақидаги хабарни рад этди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: Getty Images

Қозоғистоннинг пойтахти Нур-Султондан Туркистонга кўчирилмайди. Бу ҳақда мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев «Қозоғистон» телеканалида Туркистон ҳақидаги фильмда берган интервьюсида маълум қилган.

«Бунга асос йўқ. Лекин шуни таъкидлаш керакки, бу шаҳарнинг тарихи жуда буюк. Туркистон мусулмонлар ва бутун турк дунёси учун жуда аҳамиятли жойдир. Шунинг учун ҳам, эҳтимол, пойтахтнинг кўчирилиши ҳақида фикрлар пайдо бўлар», — дейди Назарбоев.

Аввалроқ пойтахтнинг Нур-Султондан кўчирилиши эҳтимоли ҳақида «Platon.Asia» портали хабар берган эди. Мақолада маълум қилинишича, Назарбоев илгари маъмурий марказни Туркистонга кўчириш ҳақида ўйлаганини тан олган, аммо ўшанда унга шароит тўсқинлик қилган. Шунингдек, муаллифлар ушбу шаҳардаги фаол қурилишлар ва меъморий ёдгорликларнинг қайта тикланиши айнан шу билан боғлиқ деб тахмин қилган.

Маълумот учун, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанини эълон қилганидан кейин пойтахт Остона шаҳри номи Нур-Султонга ўзгартирилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоевни Биринчи президент куни билан табриклагани ҳақида хабар берилган эди.