Олий суд Тошкентда уй қамоғидаги фуқаронинг зиёфатида қатнашган судья бўйича қўшимча маълумот берди

Тошкент вилоятида уй қамоғидаги шахснинг зиёфатида қатнашган судья кўп ўтмай уни озодликка чиқаргани ҳақида хабар берилган эди. Олий суд матбуот хизмати судьяларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ҳақида қўшимча маълумот берди.

Фото: «Tez News»

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг раиси Т.Ҳ. ва Ангрен шаҳар маъмурий судининг раиси Э.П. 2020 йилнинг 25 май куни кечки овқат олиб келиш учун шаҳардаги ошхоналарнинг бирига борган. Шундан сўнг уларнинг ёнига нотаниш бўлган Д.Н. келиб, туғилган куни муносабати билан тадбир бўлаётганини айтган ва судьяларни ҳам таклиф қилган.

Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 17 июндаги хулосасига кўра, ҳар икки судьяни маъмурий жавобгарликка тортишга рухсат берилган. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судьялари малака ҳайъатининг ўша кунги қарори билан розилик берилган.

Натижада Т.Ҳ. ва Э.П. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари, яъни 669 минг сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

«Маҳкумнинг зиёфатида меҳмон бўлган судьяларнинг бири кейинроқ гўёки уни озодликка чиқарганига оид маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки судьяларнинг бири маъмурий судда ишлагани учун унда жиноят ишларини кўриш ваколати йўқ. Иккинчи судья эса жиноят ишларини фақат биринчи босқич тартибида кўриш мумкин. Маҳкум Д.Н.га нисбатан ҳукм жиноят ишлари бўйича Ангрен эмас, Олмалиқ суди томонидан чиқарилган», дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистонда судларга берилган даъволарни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиш мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар