Тошкент вилоятида уй қамоғидаги фуқаронинг зиёфатида қатнашган судья уни озодликка чиқарди

Тошкент вилоятида уй қамоғидаги шахснинг зиёфатида қатнашган судья кўп ўтмай уни озодликка чиқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий судида 30 ноябрь куни бўлиб ўтган конференцияда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева айтиб ўтди.

Умида Тўхташеванинг маълум қилишича, агентлик томонидан суд тизимида содир этилаётган коррупцион хатти-ҳаракатлар таҳлил қилинганида, судьяларнинг жиноий унсурлар билан киришиб кетиши, бошқача қилиб айтганда, манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.

«Масалан, 2020 йил май ойида Тошкент вилояти шаҳарларидан бирининг судьялари Л.Н ва Р.О. карантин қоидаларини қўпол равишда бузган ҳолда, жиноий унсурлар вакили, бир неча марта судланган Д.Н.нинг туғилган кунини нишонлаш учун кафеда 100 нафардан ортиқ шахс иштирокида ташкил этилган зиёфатга борган», — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари.

Хабарга кўра, судьялар Д.Н.нинг ўша вақтда навбатдаги жинояти учун озодликни чеклаш жазосини ўтаётганлигидан хабардор бўлган. Мазкур судья маҳкум Д.Н.га нисбатан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқиб, уни озодликка чиқаргани маълум қилинган.

Аввалроқ Чироқчида ИИБ ходимлари уриб ўлдирган фуқаронинг хотини суддан айбдорларни озод қилишни сўраганди.