Чироқчида ИИБ ходимлари уриб ўлдирган фуқаронинг хотини суддан айбдорларни озод қилишни сўради

Чироқчида ИИБ ходимлари томонидан уриб ўлдирилган 32 ёшли Юсуф Абдураҳмоновнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева суд ҳайъатидан судланувчиларни кечириб, суд залидан озод қилишни сўради. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Фото: «Daryo»

Хабарда 16 сентябрь куни соат 15:00 да «Чироқчи воқеаси» айбдорлари — Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобилов ишини кўриб чиқаётган суднинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтгани айтилган.

«Мен фақат буларнинг болаларини ўйлайман. Буларнинг ҳам аёллари бордир. Шуларни ўйлайман. Саккиз ой давомида зор қақшаб йиғладим. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Шунинг учун бу кунларни душманимга ҳам раво кўрмайман. Кўзим олдига шуларнинг фарзандлари келяпти. Уларнинг дадам қачон келади, дадам қачон келади, деган гапи эшитиляпти. Менинг фарзандларим отасини йўқотди. Отасининг меҳрига зор бўлди. Лекин буларнинг фарзандлари отасини кутиб турибди. Ҳозир бу ерда буларнинг оналари қанчалар эзиляпти. Майли, мен Худога солдим, Худо кўрсатсин. Президентимиз қанчадан-қанча инсонларни кечиряпти. Наҳотки, мен шу икки инсонни кечиролмасам», — дейди марҳумнинг турмуш ўртоғи Гўзал Абдиева.

Шунингдек, Гўзал Абдиева судланувчи Нурбек Овлаев ҳамда Анвар Жонқобилов 50 йил муддатга қамалса ҳам эри тирилиб келмаслигини, шунинг учун уларни суд залидан озод қилишни сўраган.

«Менинг фарзандларим етим бўлди. Энди буларнинг фарзандлари етим бўлмасин. Мен қийналганим етади. Буларнинг аёллари бошига ҳам менинг куним тушишини хоҳламайман — бу иккаласини ҳам суд залидан озод қилишингизни сўрайман. Майли, буларни чиқаринг, виждони қийналсин. Менинг елкамда оғир юк қолмасин фақат. Буларни чиқармасангиз, менинг виждоним қийналиб ўтади», — деди у.

Фото: «Daryo»

Маълумот учун, ушбу иш Ўзбекистон Олий суди судьяси К.Толлибоев раислигида, Ш.Эшимов котиблигида Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судида кўриб чиқилмоқда.

Мавзуга доир: Пўлат Бобожонов: «Андижон ва Чироқчидаги ички ишлар ходимлари жиноятлари тизим шаънига катта доғ туширди. Бу кечириб бўлмас ҳолатдир»

Аввалроқ Фарғона ИИБ ходимининг муомаласи танқидга олингани, прокуратура Андижонда шифокорни калтаклаган ИИБ ходими ишини ўрганишни бошлагани, «ГАИ» ходими ҳайдовчининг соқол ўстирганига эътирози акс этган видео юзасидан муносабат билдирилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар