Пўлат Бобожонов: «Андижон ва Чироқчидаги ички ишлар ходимлари жиноятлари тизим шаънига катта доғ туширди. Бу кечириб бўлмас ҳолатдир»

Ўзбекистон ахборот агентлигида ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан катта интервью эълон қилинди. Интервьюда вазир Андижон ва Чироқчида ички ишлар ходимлари томонидан содир этилган жиноятларга муносабат билдирди.

Фото: «ЎзА»

«Жорий йил 30 майда Андижон шаҳрида, январь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ички ишлар ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар кечириб бўлмас ҳолатдир. Бу тизим шаънига катта доғ туширди», — дейди ички ишлар вазири.

Пўлат Бобожоновнинг маълум қилишича, биргина 2020 йилнинг ўтган даврида хизмат интизомини бузувчи 822 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари меҳнат жамоалари ва ходимларнинг оила аъзолари иштирокида кўриб чиқилган. Натижада 173 нафари тизимдан бўшатилган, 114 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 65 нафар раҳбарлар ротация қилиниб, бошқа лавозимларга ўтказилган.

Шу билан бирга, интервьюда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинишига йўл қўймаслик мақсадида барча ички ишлар органларида жами 473 та алоҳида махсус хона ташкил этилгани маълум қилинди. Ҳозирда уларнинг барчаси узлуксиз ишлайдиган видео ва овоз ёзиш мосламалари билан таъминланган.

Аввалроқ Бухорода ИИБ раҳбарлари 7 ой давомида бажарилган ишлар юзасидан онлайн ҳисобот топширгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар