Ўзбекистонда бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартиби белгиланди

Шавкат Мирзиёев 30 декабрь куни «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Aдлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум бўлишича, қонун билан 4 та қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Мазкур тартиб 2021 йил 1 апрелдан кучга киради.

Шунингдек, Бюджет кодекси Солиқ кодекси ҳамда амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди. Шу жумладан, Бюджет кодексига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларга оид норма киритилди.

Унга кўра, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар қайтармаслик шарти билан ҳудудий бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг тегишли даромадлар прогнозидан ошган қисмини қоплаш учун берилади.

Бундан ташқари, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартиби белгиланди.

Бюджет маблағлари тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 25 санасига қадар ўз сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириши лозим:

  • ўзига тегишли бюджет ташкилотлари кесимида бюджет маблағлари тақсимоти;
  • даврий молиявий ҳисоботлар;
  • давлат мақсадли жамғармаларидан субсидиялар ва кредит олувчилар;
  • капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Aввалроқ Шавкат Мирзиёев 2021 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни имзолагани ҳақида хабар берилганди. Маълумот учун, ушбу қонун 2021 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Янгиликлар