Тошкентда «Aқлвой» мобиль гуруҳларининг тақдимот маросими бўлиб ўтди

Тошкент шаҳрида 30 декабрь куни «Aқлвой» мобиль гуруҳининг тақдимот маросими ўтказилди. Бу ҳақда тақдимотда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Ўзгартирилган Isuzu русумли автобуслар 2019 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистоннинг 12 вилоятларида ва Қорақалпоғистонда йўлга қўйилди. 93 та гуруҳ 44 та узоқ маҳаллада деярли 2 минг болани мактабгача таълим билан қамраб олди. Автобуслар ва ўйин майдончаларини қуриш грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг пилот босқичи муваффақиятли ўтганлиги сабабли, МТВ уни давом эттириш ва кенгайтиришга қарор қилган.

Фото: «Tez News»

Айни пайтда 49 та янги автобусни лойиҳа талабларига мослаштириш ишлари якунланди. Олдинги кўринишларидаги каби, улар қуёш батареялари, кондиционер, хожатхона, иссиқ ва совуқ сув етказиш, овқатни иситиш учун ошхона билан жиҳозланган. Ўқув-тарбиявий жараён мажбурий овқатланишсиз, лекин енгил тамаддини иситиш имконияти билан амалга оширилади.

Фото: «Tez News»

Республика бўйлаб 98 та ўйин майдончаcини қуриш ишлари давом эттирилмоқда. Тарбияланувчилар асосий вақтни (ёмон об-ҳаво бундан мустасно) тоза ҳавода ўтказганлиги сабабли, ўйин жиҳозларидан ташқари, машғулотлар учун шийпонлар ҳам ўрнатилган. Янги намунадаги биринчи майдонча Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманида қурилган.

Фото: «Tez News»

Янги мобиль боғчалари январь ойида ўз ишини бошлайди, унинг тўлиқ қувватга чиқиши 2021 йил баҳорига режалаштирилган. «Ақлвой» гуруҳлари мактабгача тарбия қамрови энг паст бўлган қишлоқ ҳудудларда, болалар боғчалари бўлмаган жойларда очилмоқда. Мобил МТТлар тарбиячилари қўшимча таълимдан, шу жумладан, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича тайёргарликдан ўтадилар. Мобиль гуруҳларга қатнашиш бепуллигича қолади.

Фото: «Tez News»

«Tez News» мухбирининг хабар беришича, тақдимотдан сўнг Юқоричирчиқ туманининг энг чекка ҳудуди, Қурсой маҳалласига «Ақлвой» мобиль гуруҳи топширилган. Шунингдек, туман Мактабгача таълим бўлими мудираси «Tez News»га берган интервьюсида Қурсой маҳалласига энг яқин боғча 15 километр узоқликда жойлашганлигини маълум қилган:

«Юқори Чирчиқ туманида бугунги кунга келиб 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар сони 10 855 нафарни ташкил этади. Қурсой маҳалласида 189 нафар мактабгача ёшдаги бола мавжуд бўлиб, ҳудудда мактабгача таълим ташкилоти мавжуд эмас. Энг яқин ҳудуддаги боғча 15 километр узоқликда жойлашган. Бу эса аҳолига ноқулайлик туғдирган. Шу сабабли МТВ ташаббуси билан мобиль боғчаларни ташкил этиш йўлга қўйилди. Бугун Қурсой маҳалласига мобил ьбоғча келтирилди. Бу мобиль гуруҳларимизга жами 64 нафар бола қамраб олинади. Шунингдек, гуруҳ икки сменада ташкил этилиб, 1-сменада 16 нафар бола эрталаб, 16 нафар бола эса иккинчи сменага жалб этилади. Бу маҳаллада жами 32 нафар бола мобиль гуруҳга қамраб олинади. Бундан ташқари, мазкур мобиль боғча тумандаги Қангли маҳалласига ҳам боради. Бу маҳаллада ҳам 32 нафар бола қамраб олиниб, туманда жами 64 нафар бола қамраб олинади» дейди у.

Фото: «Tez News»