Қозоғистонда ўтган бир суткада 88, Қирғизистонда эса 78 киши коронавирус юқтириб олди

Қозоғистонда 3 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 106 032 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлиб турибди. Беморларнинг 97 967 нафари тўлиқ соғайган, 1588 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир суткада 88 киши касалликка чалинган.

Фото: «Nur.kz»

Aввалроқ Олмаота шаҳрининг бош санитария шифокори Жандарбек Бекшин онлайн брифингда шаҳардаги эпидемиологик вазият ҳақида маълумот берганди. Бекшиннинг сўзларига кўра, 100 минг аҳолига касалланиш даражаси 5,3 фоизни ташкил этган ва юқтириш даражаси икки бараварга камайган.

Қирғизистон

Қирғизистонда 3 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, 44 135 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 39 174 нафари соғайиб, 1059 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 3902 киши коронавирусдан даволанмоқда. Маълумотларга қараганда, Қирғизистонда сўнгги 24 соат ичида коронавирус билан касалланганлар сони 78 кишига кўпайган.

Фото: «Kloop»

Aввалроқ Қирғизистонда сўнгги бир суткада бирорта ҳам тиббиёт ходими COVID-19 юқтириб олмагани хабар қилинганди. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда жами 3121 нафар шифокор коронавирусга чалинган.

Тожикистон

Тожикистонда 3 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 8654 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг 7447 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 69 нафари вафот этган. Ҳозирда 1138 нафар бемор коронавирусдан даволанмоқда.

Фото: «Asia-Plus»

Aввалроқ Қозоғистон ва Ўзбекистондан 300 нафар тожикистонлик фуқаро ватанга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди. Таъкидланишича, фуқаролар БМТнинг Халқаро миграция агентлиги кўмагида олиб келинган.

Туркманистон

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Aйни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган. Aввалроқ Туркманистон масжидлари 1 октябрга қадар ёпиқ бўлиши хабар қилинганди.

Фото: «Хроника Туркменистана»

«Хроника Туркменистана» нашрига кўра, диний ташкилотлар аҳоли орасида юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида сентябрь сўнггига қадар очилмайди.

Россия

Россияда 3 сентябрь маҳаллий вақт билан соат 15:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 1 009 995 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда AҚШ, Бразилия ва Ҳиндистондан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 826 935 нафари соғайган, 17 528 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 4995 та янги ҳолат аниқланган.

Фото: «РИA Новости»

«Интерфакс»нинг хабар беришича, Роспотребнадзорнинг «Вектор» илмий-тадқиқот марказида коронавирус вакцинаси клиник синовларининг биринчи босқичида қатнашган тўққиз нафар кўнгилли 3 сентябрь куни касалхонадан чиқарилди. Таъкидланишича, синовда қатнашган фуқаролар ўзини яхши ҳис қилган.

Янгиликлар