Бўстон туманида 2020—2022 йилларда қарийб 1,5 мингта иш ўрни яратилади

Aндижон вилояти Бўстон туманида 2020—2022 йилларда 1423 та иш ўрни яратилади. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоеванинг 3 октябрь кунги Aндижон вилоятига ташрифи чоғида маълум қилинди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг «Aндижон вилоятининг Бўстон туманини 2020—2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Ушбу қарор доирасида туманда 2020—2022 йилларда қиймати 432,1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 20 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 1423 та янги иш ўрни яратилади. 870 ўринли 7 та боғча, 3052 ўринли 7 та мактаб, 6 та соғлиқни сақлаш муассасаси реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирдан чиқарилади.

Шу билан бирга, 1 та спорт объекти ҳамда 14 та бошқа турдаги объектлар қурилади ва реконструкция қилинади, 130 км ички ва давлат аҳамиятига эга йўллар таъмирланади. 2300 та аҳоли хонадонида табиий газ таъминотини яхшилаш, етказиб берилган табиий газ ҳажмининг ҳисоб-китобини тўғри юритиш мақсадида ҳар бир хонадонга замонавий, электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилади. Мавжуд 195 та газ тақсимлаш қурилмалари тартибга келтирилади.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан жами 153,6 миллиард сўм ажратилади.

Маълумот ўрнида, туман аҳолиси 71,8 минг кишини, жами оилалар сони 18,6 минг, шундан камбағал оилалар сони 1283 тани ташкил этади.

«Aлбатта, мазкур ишларнинг барчаси Бўстон тумани аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида қилинмоқда. Шундай экан, депутатлар ушбу жараёнда фаол иштирок этиб, ташаббускор бўлиши керак. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган чора-тадбирларни назоратга олиши ҳамда муҳокама қилиб бориши мақсадга мувофиқ. Бу борада таъсирчан депутатлик назорати ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ўз навбатида, ҳар ойда бир марта қарор ижросини халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш, тегишли соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш лозим», — дейди Танзила Норбоева.

Aввалроқ Янгиқўрғон туман Халқ депутатлари кенгашининг 13-сессиясида Танзила Норбоева иштирок этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сенат раиси Тўрақўрғонда кўприк ва қишлоқ врачлик пунктининг таъмирлаш ишлари билан танишган.

Янгиликлар