Навоийда кон ишчиси хизмат автомобили ёниши оқибатида вафот этди

Ижтимоий тармоқларда Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли «Ауминзо-Амантай» конида БЕЛАЗ 7513 автосомасвали ёниб кетгани, ҳайдовчи куйиш жароҳати олиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аниқланишича, жорий йилнинг 28 сентябрь куни тахминан соат 17:00 ларда, «Навоий кон-металлургия комбинати» акциядорлик жамияти тасарруфида бўлган Марказий кон бошқармасига қарашли, Автомобиль транспорти бошқармасида ҳайдовчи бўлиб ишловчи 1991 йилда туғилган Й.Ш. МКБнинг «Ауминзо-Амантой» кони ҳудудида ўзиги бириктирилган гараж рақами №631 бўлган «Белаз» русумли автосомасвалда тоғ жинсларини ташиш вақтида, автосамосвалнинг олд чап ғилдирак шинаси ёрилиши натижасида ёнғин келиб чиққан.

Оқибатда ёнғин автосомасвал кабинасига ҳам ўтиб, ҳайдовчи Й.Ш. куйиш тан-жароҳати олган ва унга Зарафшон шаҳрида жойлашган Тиббий санитария қисмида тиббий ёрдам кўрсатилган. Сўнгра у Бухоро шаҳрида жойлашган РШТЁИМга олиб келинган. Бироқ, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, Й.Ш. 30 сентябрь куни шифохонада вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ИИВ ҳузуридаги 2-сон ИИБ тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, судга оид тиббий ва комиссион экспертизалар тайинланган.

Янгиликлар