Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти учун янги тўлов тизимида нималар ўзгариши маълум бўлди

Ўзбекистонда 2020–2021 йилги иситиш мавсумидан бошлаб марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 квадрат метр иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади. Бу ҳақда «Spot» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, янги тўлов тизими жорий этилгани сабабли 3 августдан бошлаб тўловлар ўтказиш тўхтатилган ва 17 октябрдан бошлаб давом эттирилган. Аввалдан тўлов қилганларнинг қолдиқ пуллари кейинги иссиқлик мавсумига ўтказилган. Иссиқ сув таъминоти учун 2020 йил охиригача пул тўлаган истеъмолчиларга эски тўлов тизими бўйича тўлов 3 августгача, яъни 2020 йил 1 январдан 28 мартгача кўрсатилган хизмат учун амалга оширилган.

Шунингдек, иссиқлик таъминоти бутун шаҳарда бир кунда берилмагани сабабли муайян яшаш уйида иситиш мавсуми бошланиши санасини қандай аниқлаш мумкинлигига ҳам тўхталиб ўтилган. Бунинг учун хонадон эгалари исистиш мавсуми бошланиши санаси кўрсатилган далолатномага эга ўз ширкатларига мурожаат қилишади. Шу санадан бошлаб янги иситиш мавсуми учун тўлов ҳисоблаш бошланади.

«Бундан ташқари, иссиқлик тармоқларида авария юз берганда бу иссиқлик таъминоти учун тўловда ҳисобга олиниш-олинмаслиги кўпчилик учун баҳсли савол бўлиб қолмоқда. Бундай ҳолатда ‘Тошиссиққуввати’ туман бўлинмаларига мурожаат қилиш лозим. Шундан сўнг мутахассислар далолатнома тузиб, авария кимнинг айби билан юз берганини аниқлайди.  Айбдор ‘Тошиссиққувватиʼ ДУК бўлиб чиқса, авария туфайли таъминланмаган иссиқлик учун қайта ҳисоб-китоб қилинади. Ширкат айбдор бўлган тақдирда, қайта ҳисоб-китоб қилиш масаласини уларнинг ўзлари билан ҳал қилиш лозим», дейилади хабарда.

Аввалроқ Тошкентда иссиқлик таъминоти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун 772,2 миллион доллар кераклиги ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида иситиш мавсуми 13 октябрдан бошлангани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар