Тошкентда иссиқлик таъминоти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун қанча маблағ кераклиги маълум бўлди

АОКАда ўтказилган анжуманда Тошкентда иссиқлик таъминоти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш учун 772,2 миллион доллар кераклиги маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, 27 ноябрь куни АОКА залида «Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонаси директори ўринбосари Азиз Сайфуллаев иштирокида брифинг бўлиб ўтган. Унда куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича юзага келаётган муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган тезкор чоралар ҳақида маълумот берилган.

«Тошиссиққуввати» томонидан пойтахтдаги 12 801 та бино-иншоотларга иссиқлик энергияси етказилади, жумладан:

  • 9200 та кўп квартирали уйга;
  • 524 та даволаш муассасасига;
  • 498 та мактабга;
  • 635 та болалар боғчасига;
  • 514 та олий ва ўрта махсус таълим муассасасига;
  • 1430 та бошқа объектларга иссиқлик энергияси етказиб берилади.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда барча иссиқлик тармоқларининг 72 фоизи (17 йилдан ортиқ) фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган, яъни 1940 километр узатувчи қувурлар (970 километр канал) алмаштирилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 2020–2022 йилларда Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизими самарадорлигининг асосий мақсадли индикаторлари тасдиқланиб, 2023 йилгача 358,5 километр қувурни алмаштирилиш (қайта ётқизиш) кўзда тутилган. Бундан 2021 йилда 157,3 километр қувурлар, 2022 йилда 201,2 километр қувурлар алмаштирилади.

Аввалроқ Тошкент шаҳрининг айрим туманлари иссиқлик таъминотидан вақтинча узилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда истеъмолчилар учун электр энергияси тарифлари оширилмаслиги ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар