«Нима деган майнавозчилик бу, гул бериш учун ўқиб юрибманми?» – Ижтимоий тармоқларда Олий таълим вазирлигининг Тошкентдаги ОТМларга юборган хабарномаси ҳақида маълумотлар тарқалди

Ижтимоий тармоқларда 4 февраль куни ОТВ пойтахтдаги университетлардан тадбирларда гул кўтариб туриш учун маълум талабларга мос келувчи талаба қизларни жалб этишни сўраганлиги ҳақида маълумотлар тарқалди.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров

Tez Newsʼнинг Telegram ботига юборилган ҳужжатга кўра, 2 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг АТ ва ёшлар бўйича ўринбосари Юсуф Абсоатов томонидан Тошкент шаҳридаги ОТМ ректорлари ва филиаллар директорларига олий ва юқори даражадаги ташрифлар, турли халқаро тадбирлар меҳмонларини кутиб олиш ва кузатишда уларга миллий кийимларда гулдаста тақдим этиш учун талаба қизларни жалб этишни сўраб мурожаат қилинган.

«Шу муносабат билан Сиздан, Тошкент шаҳрида жойлашган олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, давлат протоколи талабларига мос келадиган талаба қизлар тўғрисидаги маълумотларни жорий йилнинг 5-февраль кунидан кечиктирмасдан вазирликнинг Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси ходими Д.Солихўжаевага тақдим этишни таъминлашингиз сўралади», – дейилади ҳужжатда.

Фото: @teznewsbotʼга юборилган

Бу, ўз навбатида, айрим талаба қизларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Фото: Alimoff Telegram канали

Шунингдек, блогер Нурбек Алимов ўз Telegram каналида ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

«Олий таълим вазирлигидагиларга айтинглар шунақа иш билан шуғулланадиган компаниялар борлигини. Новча, келишган модель қизлар тадбирингизда меҳмонларни кутволиб, гул бериб ўтказиб беришади. Талабаларни эса тинч қўйган маъқул», – дейди блогер.

Олий таълим вазирлиги томонидан ушбу ҳолатга ҳозирча изоҳ берилгани йўқ.

 

Янгиликлар