Президент «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастури тўғрисидаги Фармонни имзолади

Шавкат Мирзиёев 2021 йил — «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат дастури лойиҳаси 18 — 28 январь кунлари 2021.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz веб-порталлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган.

Муҳокамалар доирасида фармон лойиҳаси маҳаллий оммавий ахборот воситалари, веб-сайтлар, ижтимоий тармоқларда 700 га яқин, телерадиоканалларда қарийб 400 та чиқиш ва эшиттириш эфирга узатилди. Натижада, лойиҳа бўйича 4 мингга яқин таклифлар келиб тушди. Давлат бошқаруви йўналиши бўйича — 1 239 та, суд-ҳуқуқ йўналишида — 479 та, иқтисодиёт соҳасида — 901 та, ижтимоий соҳада — 1018 та, ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишида — 146 та.

Шунингдек, таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, лойиҳага 50 га яқин концептуал ҳамда 100 дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд сўм ҳамда 2 600,4 млн АҚШ доллари ва 57,5 млн евро миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Давлат дастури жами 274 та банддан иборат бўлиб, биринчи — давлат бошқаруви йўналиши бўйича — 20 та, иккинчи — суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича — 18 та, учинчи — иқтисодиёт йўналиши бўйича 113 та, тўртинчи — ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 93 та, бешинчи — ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши бўйича 30 та банддан иборат вазифалар белгилаб олинган.

Олий таълимга ажратиладиган давлат грандлари сони 25 фоизга, эҳтиёжманд оила фарзанди бўлган хотин-қизлар учун 2 бараварга оширилади.

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилади.

Янгиликлар