Сирдарёда собиқ банк бошқарувчиси кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланди

Сирдарё вилояти «Агробанк» АТБ Ховос филиалининг бошқарувчиси кредит маблағларини талон-торож қилгани аниқланди.Бу ҳақда Департаментнинг ахборот хизматига таяниб «Сирдарё хабарлари» маълум қилди.

Фото: everyday.uz

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Гулистон шаҳар бўлими томонидан «Агробанк» АТБ Ховос филиалининг бошқарувчиси вазифасини вақтинча бажарувчиси бўлган Х.Б. «Y.T» МЧЖ билан тузилган шартномага асосан жамиятга 150 миллион сўм кредит ажратиш ўрнига 300 миллион сўм кредит ажратиб, жамият томонидан асосий қарздорлик ва кредит фоизларининг тўланмасдан қолинишига сабабчи бўлган.

Шунингдек, ушбу кредит қарздорлигини тўлаш мақсадида ЯТТ К.га гўёки «Ёғочдан буюмлар тайёрлаш фаолиятини ривожлантириш учун» 55 миллион сўм кредит ажратиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Х.Б. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Янгиликлар