Намангандаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ташхислаш ва саралаш маркази ташкил этилади

Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуасида ташхислаш ва саралаш маркази барпо этилмоқда. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Фото: Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумотларга кўра, жами 3420 квадрат метр майдонни эгаллайдиган марказда 500 нафар бемор учун жой ҳозирланмоқда. Бу ердаги ҳар бир койка кислород линияси билан жиҳозланади. Беморларга қаров учун 120 нафар шифокор ва ҳамширадан иборат юқори малакали тиббий персонал ажратилди. Марказда ҳаво ҳароратини бир маромда сақлаб туриш учун 32 та совитгич ўрнатилган. Мажмуада барпо этилаётган ташхислаш ва саралаш маркази шу ҳафта якунигача қуриб битказилиши режалаштирилмоқда.

Маълумот учун, Наманган вилоятига яқин вақт давомида 95 та СИПAП қурилмаси, 90 та кислород концентратори, 5 та мобил рентген-ташхис тизими, жами 11 миллиард сўмлик тиббий асбоб-анжомлар келтирилди.

Аввалроқ Бухорода коронавирус беморларини қабул қилиш ва «Тақсимлаш маркази» ташкил этилди.

Шунингдек, «Узэкспомарказ» кўргазма мажмуасида коронавирус беморларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дистрибюторлик марказ фаолият кўрсатиши, марказга бир ҳафта ичида қанча бемор олиб келингани маълум қилинган эди.

Янгиликлар