Маҳалла вазирлиги ва Омбудсман собиқ Тошкент вилояти бош инфекционистига қонун доирасида ёрдам беради
Маҳалла вазирлиги ва Омбудсман собиқ Тошкент вилояти бош инфекционистига қонун доирасида ёрдам беради. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 октябрь, шанба куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари ҳамда Омбудсман котибияти мудири томонидан Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг 1-сонли тергов ҳибсхонасида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева билан учрашган. Мазкур учрашув Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида суҳбат шакилида ташкил этилган. Йўлдошевага қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани маълум қилинган.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Йўлдошева 6 нафар вояга етмаган, жумладан, 2 ва 3 ёшли кичик фарзандлари борлиги, тергов ёки суддан яширинишга уринмаганлигини, шунингдек, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси фаолияти юзасидан олиб борилаётган текширувлар ҳамда унга нисбатан юритилаётган суриштирув ва тергов жараёнларида бевосита ўзининг иштирокида кўрилишини таъминлашда ўзига нисбатан қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартирилишида амалий ёрдам сўраган.
Ўтказилган суҳбат натижалари бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Омбудсман билан ҳамкорликда қонун доирасида ва инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиққан ҳолда юқори суд инстанцияларига қўшма мурожаат қилишини маълум қилган. Бундан ташқари, Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича амалий ёрдам кўрсатилиши қайд этилган.
Мавзуга доир:
- Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Тўрақул Арзиқулов Гулжаҳон Йўлдашеванинг мурожаатига муносабат билдирди
- Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олинди
- Бош прокуратура Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олингани юзасидан расмий баёнот берди
- Сенат раиси Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдирди