«Чирчиқдаги шифохона COVID-19’ни даволашга ихтисослашмаган» — Тошкент вилояти ССБ бошлиғи
ОАВда Чирчиқ шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош врачи, вилоятнинг бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошеванинг «Бизга ускуналар ажратишмаяпти, ваъда қилинган мукофот пулларидан дарак йўқ» сарлавҳали мурожаати тарқалди. Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Тўрақул Арзиқулов мазкур мурожаатга муносабат билдирди.
«Чирчиқ шаҳридаги юқумли касалликлар шифохонаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги реестрига асосан карантин объекти, яъни коронавирус тасдиқланган беморлар учун эмас, бирламчи улар билан мулоқотда бўлган гумондор фуқароларни сақлаб туриш объекти этиб белгиланган. Агар бу ерда бирор фуқарода COVID-19 аниқланса, бемор зудлик билан COVID-19’га чалинган беморлар даволанувчи махсус шифохонага етказилади. Бу маскан мутлақо коронавирусни даволаш учун мўлжалланган шифохона эмас», — деди Тўрақул Арзиқулов.
«Тўғри, пандемия пик даврига чиққанда жуда кўп шифохоналарга коронавирусга шубҳа қилинган, аммо касаллик расман тасдиқланмаган беморлар ётқизилди. Ҳатто ўша шифохоналарда касаллик тасдиқланган беморлар ҳам маълум муддат қолиб кетишди. Аммо қисқа муддатда бу муаммолар бартараф қилинди, гумондагилар алоҳида, касаллик тасдиқланганлар алоҳида қилиб ажратиб олинди.
Бу шифохона ходимларининг Президент қарори билан белгиланган рағбатлантириш (шифокорларга 25 миллион сўм, ҳамшираларга 15 миллион сўмлик ва ҳ.к.) маблағлари тўланмаётгани ҳақидаги норозилиги асоссиз. Чунки бундай тўловлар билан COVID-19 билан касалланган беморларни даволайдиган, ССВнинг коронавирусни даволашга мўлжалланган шифохоналар рўйхатида бўлган шифохоналар ходимлари рағбатлантирилади.
Бундай шифокорлар рўйхати ҳар бир ҳудудда шакллантирилган, улар 14 кун давомида узлуксиз ишлайди ва фақат айнан COVID-19 касаллигига қарши курашади», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Қоракўлда коронавирусга қарши курашаётган шифокорларга 352 миллион сўм тўлаб берилгани, Олотда коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига умумий 84 миллион 814 минг сўмлик маош тўлангани ҳақида хабар берилганди.