Сенат раиси Тошкент вилояти бош инфекционистига қўлланилган эҳтиёт чорасига муносабат билдирди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида 2 октябрь куни туманни «қизил ҳудуд»дан чиқариш бўйича Халқ депутатлари туман кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам иштирок этди, деб хабар берди «Kun.uz»

Фото: Сенат матбуот хизмати

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимига кўра қониқарсиз деб топилган 33 та туман қаторида Янгиқўрғон тумани ҳам борлиги ва туманни бу рўйхатдан чиқариш масалалари муҳокама қилинган.

Тадбир сўнгида Танзила Норбоева журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарган. «Kun.uz» мухбири Сенат раҳбарининг Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан тергов жараёни ва унга танланган эҳтиёт чораси бўйича фикри билан қизиққан.

«Бу жуда ҳам оғир масала. Оғир жиноят қилганлар ҳам четга чиқиб кетмаслик шарти билан уйда сақланади, боласининг олдида, оиласида бўлади. Шу нуқтаи назардан, унинг жинояти қанчалик оғир ёки оғир эмаслигига ҳозир баҳо бера олмайман, лекин аёл киши, кичкина боласи борлигини эътиборга олиб, ҳозирча қамоққа олмаслик ҳам мумкин эди, қачонки суд қарор чиқармагунича», — деган Танзила Норбоева.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь, сешанба куни ҳибсга олинган. Кейинчалик Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов мазкур ҳолат Прокуратура иш юритувида эканлигини таъкидлаган.

Шунингдек, Бош прокуратура бу масалада расмий баёнот бериб, унда Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирида жами 250,8 миллион сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланганлиги айтилган.

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан, сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.

Шундан сўнг Йўлдошева 8 сентябрь, сешанба куни Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди билан айбланувчи тариқасида тергов ишида иштирок этиш учун мажбурий тартибда олиб келинган.

Aйбланувчи Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармагани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетиши, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланган. Суднинг 9 сентябрь, чоршанба кунидаги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Суднинг эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги ажрими устидан киритилган апелляция шикояти ЖИБ Тошкент вилоят суди томонидан кўриб чиқилиб, айбланувчига нисбатан қўлланган қамоқда сақлаш билан боғлиқ эҳтиёт чораси ўзгаришсиз қолдирилди.

Йўлдошеванинг адвокати Хушнуд Аҳроров у айбсизлигини айтиб, тергов нохолис олиб борилаётганини таъкидламоқда.

Янгиликлар