Бош прокуратура Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олингани юзасидан расмий баёнот берди

Бош прокуратура Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига шаҳардаги юқумли касалликлар шифохонасида икки томонлама пневмония ва COVID-19 ташхиси билан даволанаётган қариндоши Ф.Рустамов 1 август куни Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси ходимлари томонидан вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ўтказилганлиги ҳамда 2 август куни беморнинг соғлиғи ёмонлашиб вафот этганлиги юзасидан мурожаат қилган. Минбаев ўз мурожаатида ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу мурожаатномадан сўнг мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, бемор Рустамовнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда нафас етишмовчилиги мавжудлиги ва реанимацион муолажаларга муҳтожлигига қарамай Юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг кўрсатмаси билан Рустамов оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган. Бундан ташқари, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида Ф.Рустамов номига юритилган касаллик тарихида бемор коронавирус касаллигидан тузалганлиги ҳақида сохта маълумот киритилган.

Шунингдек, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирида жами 250,8 миллион сўм бюджет маблағлари растрата йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева бир неча маротаба терговга чақирилганлигига қарамасдан сабабларсиз кўрсатилган муддатларда келмаган.

Шундан сўнг Йўлдошева 8 сентябрь, сешанба куни Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди билан айбланувчи тариқасида тергов ишида иштирок этиш учун мажбурий тартибда олиб келинган.

Aйбланувчи Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармагани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетиши, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланган. Суднинг 9 сентябрь, чоршанба кунидаги ажрими билан унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янгиликлар