Тошкент вилояти бош инфекционисти ҳибсга олинди

Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь, сешанба куни ҳибсга олинди. Бу ҳақда «BBC O‘zbek» нашри хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Маълум қилинишича, «Kun.uz» мухбири Гулжаҳон Йўлдошеванинг синглиси Шаҳло Йўлдошева билан боғланган ва вилоят бош инфекционисти синглиси ушбу маълумотни тасдиқлаган. Бироқ Шаҳло Йўлдошева опасига ҳануз қандай айблов қўйилганини билмаслигини таъкидлаган. Ҳамда опаси ҳибсга олинишидан бир кун олдин шифохонадан коронавирусдан даволаниб чиққанини, аммо соғлиғи ҳали тўлиқ тикланмаганини айтган. Шунингдек, Гулжаҳон Йўлшоева ҳибсга олиниши оқибатида унинг икки ва уч ёшли фарзандлари онасидан ажратилганини қайд этган.

Қайд этилишича, аввалроқ Гулжаҳон Йўлдошева «Kun.uz» нашрига берган интервьюсида пандемия даврида ўзи бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмагани ҳамда ўзи бошчилигида COVID-19’га чалинган беморларни даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати етарли даражада рағбатлантирилмагани ва шундай вазиятда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмагани ҳақида таъкидлаган.

Шунингдек, Йўлдошева интервью давомида коронавирусга чалинган беморларни қабул қилган ўзи бошчилигидаги касалхона июль ойи ўртасидан оғир аҳволдаги беморлар билан тўлгани ва ўлим ҳолатлари кузатилгани, аммо вилоят тиббиёт бошқармаси ушбу касалхонада коронавирус беморлари даволанаётганини тан олинмагани ҳақида айтиб ўтган.

Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ олиш учун «Kun.uz» Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдиновга мурожаат қилган. Шамсутдинов ушбу масала юзасидан тез орада ахборот берилишини айтган.

Кейинчалик Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов мазкур ҳолат Прокуратура иш юритувида эканлигини таъкидлаган. Ушбу жараённинг бориши, айблов тури ёки бошқа ҳолатларга ойдинлик киритиш учун ички ишлар органлари ходимларига мурожаат қилиш ўринли эмаслигини қайд этган. Ҳамда ИИО ходимларида мазкур ҳолатга алоқадор маълумот мавжуд бўлмаслигини айтиб ўтган.

Маълумот учун, Гулжаҳон Йўлдошева 2018 йил сентябрь ойидан Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори ва Тошкент вилояти бош инфекционисти лавозимида фаолият юритиб келган. Шунингдек, Йўлдашеванинг 6 нафар фарзанди бор.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти ССБ бошлиғи Чирчиқдаги шифохона COVID-19’ни даволашга ихтисослашмагани таъкидлаган эди.

Янгиликлар