Қувада меваларни қабул қилиш шохобчасидан телефон ва 10 млн сўм ўғирлаган аёл ушланди

Фарғона вилояти Қува туманида жойлашган меваларни қабул қилиш шохобчасидан 260 минг сўмлик телефон ҳамда 10 миллион сўм пулларни яширин равишда ўғирлаган аёл ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 31 октябрь куни М.A. ИИБга мурожаат қилиб, бу ҳақда маълум қилган. Унинг мурожаатига асосан, 30 октябрь куни номаълум аёл Aндижон кўчасида жойлашган меваларни қабул қилиш шохобчасига ғайриқонуний равишда кириб, стол устида бўлган нархи 260 минг сўмлик телефон ва 10 миллион сўм пулларни яширин равишда ўғирлаб кетган.

Дастлаб, мазкур ҳолат юзасидан Қува тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Х.М. исмли аёл содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида жабрланувчи М.A.нинг савдо шохобчаси умумий аҳоли фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, гумон қилинувчи Х.М. исмли аёл ушбу савдо шохобчасига савдо қилиш мақсадида кирганлиги ва жабрланувчи бошқа юмушлари билан чалғиган вақтида стол устида қаровсиз қолдирилган телефон аппаратини яширин равишда ўғирлагани сабабли жиноят иши Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмига ўзгартирилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Aввалроқ Бешариқда аёлнинг телефон, 900 доллар пули ҳамда паспорти солинган ҳамённи ўғирлаган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Учкўприкдаги автомашина ювиш шохобчасига ўғриликка тушган эркак қўлга олингани хабар қилинганди.

Янгиликлар