Самарқанд шаҳрида автомашина ювиш шохобчасидан «Gentra» ўғирлаган эркак қўлга олинди

Самарқанд шаҳрида 30 октябрь, жума куни автомашиналарни ювиш шохобчасида ишловчи фуқаро мижозининг «Gentra» автомашинасини олиб қочаётган пайтда қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Таъкидланишича, Самарқанд шаҳрида 30 октябрь куни соат 17:30 да 21 ёшли Д.Э. Кимёгарлар қўрғони Сайқал кўчасида жойлашган автомашиналарни ювиш шохобчасига келиб, ўзининг «Gentra» автомашинасини ювдириш учун автомашина ювувчи бўлиб ишловчи 25 ёшли Ш.А.га қолдирган. Бундан фойдаланган Ш.А. ўт олдириш жойида турган калит ёрдамида автомашинани ўт олдириб, уни номаълум томонга олиб қочган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Самарқанд шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ходимлари томонидан Ш.А. мазкур транспорт воситасини бошқариб кетаётган вақтида аниқланиб, мажбурий тартибда тўхтатилган. Шунга қарамасдан Ш.А. ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, ўзи олиб қочган автомашина эшикларини очмасдан ундан тушишдан бош тортганлиги сабабли ходимлар эшикни очиш ва Ш.А.ни ушлаш мақсадида охирги зарурият сифатида автомашина эшиги ойнаси синдирган.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ш.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси (Tранспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Қайд этилишича, жиноят иши бўйича Ш.А. айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Маълумот ўрнида, юқоридаги жиноятни содир этган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Каттақўрғонда қариндошининг уйига босқинчиликка одам ёллаган эркак қамоққа олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар