Каттақўрғонда қариндошининг уйига босқинчиликка одам ёллаган эркак қамоққа олинди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Мундиён қишлоғида яшовчи холаваччасининг уйига босқинчиликка одам ёллаган эркак қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Каттақўрғон туманининг Мундиён қишлоғидаги улгуржи савдо дўкони эгасининг уйига тунда 2 киши ниқобланган ҳолатда бостириб кирган. Фуқаро А.З. ва И.Х. дўкон эгасини темир жисм билан жароҳатлаб, пул талаб қилган. Жабрланувчи уйи яқинидаги дўконидан 2 миллион сўмдан ортиқ пулни А.З. ва И.Х.га топширган.

Қайд этилишича, фуқаро Т.Ш. холаваччасининг дўконида кунига 80 миллиондан 200 миллионгача савдо бўлишини, уйида эса камида 100 миллион пул туришини айтиб божаси А.З. ва унга шерик сифатида И.Х ни босқинчиликка ёллаган.

Фото: Самарқанд вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур жиноятни содир этгани учун Т.Ш. Жиноят кодексининг 164-моддасининг 3- қисми билан Жиноят кодексининг 57- моддасини (Айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганида жазо тайинлаш) қўллаб, 5 йил озодликдан маҳрум қилинган. Фуқаро А.З. ва И.Х. Жиноят кодексининг 164-моддасининг (Босқинчилик) 3- қисми «а» ва «в» банди билан 10 йил озодликдан маҳрум қилинган.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида одам ёллаб, бувисининг мол-мулкини ўғирламоқчи бўлган аёл, Олтиариқда эса амакиваччасининг уйидан 850 доллар ўғирлаган бола қўлга олинганди. Шунингдек, Фарғонада 30 миллион сўмлик қўйларни танишининг номига кредитга олиб, пулини тўламаган эркак ушлангани ва Самарқандда 12 нафар қизни фоҳишалик қилишга мажбурлаган аёл қамоққа олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар