Олтиариқда амакиваччасининг уйидан 850 доллар ўғирлаган бола қўлга олинди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 25 октябрь куни амакиваччасининг уйидан 850 доллар ўғирлаган вояга етмаган бола қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Таъкидланишича, 25 октябрь куни Олтиариқ тумани Эътиқод кўчасида яшовчи фуқаро П.Ш. ИИБга мурожаат қилган. Унда 24 октябрь куни номаълум шахс яшаш хонадонига ғайриқонуний равишда кириб, ётоқхонасидаги жавон тортмасида бўлган 850 доллар пулини ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни вояга етмаган У.П содир этганлиги аниқланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Қўқонда устахонадан техника воситалари ва 150 минг сўм ўғирлаган жиноий шериклар ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар